“Нақшбандиянинг таълим ва ахлоқий тарбиядаги ўрни” халқаро илмий конференцияси
Бухоро шаҳри – асрлар давомида маънавият ва маърифатнинг бешиги, тасаввуф ва илмнинг муқаддас маркази сифатида танилган. Ана шу улуғ замин яқинда яна бир нуфузли илмий тадбирга – “Нақшбандиянинг таълим ва ахлоқий тарбиядаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий конференцияга мезбонлик қилди. Ушбу анжуман Бухоро давлат техника университетида бўлиб ўтди ва у нафақат Ўзбекистонда, балки бутун ислом оламида нақшбандия таълимотининг замонавий таълим ва маънавий тарбиядаги ўрнини чуқур ёритишга хизмат қилди.
Тадбирнинг очилиш маросими Бухоро вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Азизбек Қаландаровнинг самимий ва мазмунли нутқи билан бошланди. У ўз сўзида нақшбандийлик таълимотининг замонавий таълим тизимидаги ва ахлоқий тарбиядаги долзарб аҳамиятини таъкидлаб, конференциянинг мақсад ва вазифаларини ёритиб берди.
Конференцияда Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Миср, Хитой, Англия ва Ўзбекистон каби 10 га яқин мамлакатдан таниқли олимлар, тадқиқотчилар ҳамда мутахассислар иштирок этдилар. Улар Баҳоуддин Нақшбанднинг бой маънавий мероси, унинг таълим жараёнидаги аҳамияти ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришдаги роли ҳақида илмий мулоҳазаларини баён этдилар.
Тадбир турли маданият ва илмий йўналиш вакилларини бир майдонга жамлаб, нақшбандийлик таълимотини глобал миқёсда муҳокама қилиш ҳамда илмий ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим минбар бўлиб хизмат қилди.
Анжуманда дунё илмий жамоатчилигида танилган бир қатор нуфузли олимлар ва маърифат пешволари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Улар орасида қуйидагилар алоҳида эътирофга сазовор бўлди:
-
Шайх Абдул Карим бин Ходид – Малайзия Жаҳон сўфийлар маркази бош котиби, нақшбандийлик таълимотининг замонавий таълим тизимидаги амалий аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
-
Ҳомиджон Ишматбеков – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари, таълим ва ахлоқий тарбия соҳасида нақшбандийликнинг ўзбек халқ руҳиятига таъсирини ёритди.
-
Азизхўжа Иноятов – Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори, таълимотнинг тарихий илдизлари ва илмий асосларини таҳлил қилди.
-
Садоқат Сиддиқова – Бухоро давлат техника университети ректори, ушбу нуфузли тадбирга университетнинг мезбонлик қилишидан фахрланишини билдириб, таълим соҳасида халқаро ҳамкорликнинг муҳим аҳамиятини таъкидлади.
-
Гулчеҳра Наврўзова – БДТУ ижтимоий фанлар кафедрасининг профессори, Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёт йўли ва у асослаган нақшбандийлик таълимотининг ахлоқий тарбиядаги фалсафий-ахлоқий асосларини илмий жиҳатдан таҳлил этди.
-
Шайх Ҳ. Али Масйкур Мусо – Индонезия вакили, таълимотнинг Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги таъсири ҳақида маълумот берди.
-
Профессор доктор Шакеел Аҳмад – нақшбандийликнинг универсал қадриятларини замонавий таълим жараёнларига татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилди.
-
Шайх Сайид Васим ва Ал-Шариф Ҳамди – таълимотнинг маънавий жиҳатлари ва унинг жаҳон миқёсида тарқалиши ҳақида фикр юритдилар.
-
Шайх Сафиул Аъзам Ходим – нақшбандийликнинг ахлоқий тарбиядаги амалий аҳамиятига урғу берди.
Маърузалар орқали иштирокчилар таълимотнинг турли қирраларини ёритиб, унинг замонавий таълим ва маънавий-ахлоқий тарбия тизимидаги ўрнини янада кенг қамровда ёритиш имкониятига эга бўлдилар.
“Нақшбандиянинг таълим ва ахлоқий тарбиядаги ўрни” халқаро илмий конференцияси Бухоро заминида шаклланган улуғ маънавий мактабнинг бутун жаҳон илм-фани олдида яна бир бор юксак қадр-қимматини намоён этди.
Тадбир нафақат илмий муҳокамалар учун минбар бўлди, балки турли мамлакат олимлари ўртасида илмий ҳамкорлик, тажриба ва фикр алмашув учун мустаҳкам платформа яратди.
Нақшбандия таълимотининг таълим ва ахлоқий тарбиядаги ўрни борасидаги илмий мулоҳазалар, замонавий жамиятда маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда таълим тизимларини маънавий жиҳатдан бойитишда муҳим йўналишларни белгилаб берди.
Конференция иштирокчилари ва ташкилотчиларининг ҳамжиҳатлиги, илмий ва маънавий саъй-ҳаракатлари туфайли Баҳоуддин Нақшбанднинг бой мероси бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмагани, балки янги авлод учун маънавий йўл-йўриқ сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қолаётгани яна бир бор яққол намоён бўлди.
Халқаро конференция доирасида Бухоро давлат техника университети Индонезиянинг Жамъия Аҳлитҳ Тҳариқаҳ ал-Муътабараҳ ан-Наҳдлияҳ ташкилоти ва Маланг Ислом университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Мазкур келишув илмий ва маънавий йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда ёш авлод тарбиясида нақшбандийлик таълимотининг моҳиятини чуқур англаш ва уни амалда татбиқ этишга хизмат қилади.