Гулчеҳра Наврўзованинг “Нақшбанд рубоийлари фалсафаси” монографияси чоп этилди.
Монографияда жаҳоншумул Нақшбандия тасаввуфий таълимотининг асосчиси, Баҳоуддин, Шоҳ Нақшбанд, Хожаи Бузург, Намаки Машойих номлари билан машҳур, Бухорои Шарифнинг еттинчи пири Муҳаммад ибн Муҳаммад алБухорий (1318-1389) маънавий меросининг янги қиррасини ёритувчи манба “Рубоиёти Хожа Нақшбанд” асарида жамланган рубоийлар фалсафий таҳлил этилган.
“Нақшбанд рубоийлари фалсафаси” монографияси Баҳоуддин Нақшбанднинг маънавий меросига бағишланган муҳим илмий асардир. Китобда муаллифнинг узоқ йиллик изланишлари асосида топилган янги манба – Муҳаммад Содиқ Қусурий тартибга солган “Рубоиёти Хожа Нақшбанд” (1997 йил, Лаҳор) асари таҳлил қилинган. Унда Нақшбандга мансуб 137 та рубоий жамланган. Рубоийлар мазмун-моҳиятига қараб таснифланиб, фалсафий талқин этилган: илм ва ирфон, инсон борлиғи, ўзликни англаш, руҳий мувозанат (тавба, ризқ, умид), камолот фазилатлари (шукроналик, камтаринлик), Нақшбандия таълимотининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда Нажмиддин Кубро рубоийлари билан қиёсий таҳлил қилинган.
Бу китоб тасаввуфшуносликда янгилик: аввал номаълум бўлган Нақшбанднинг шеърий мероси кашф этилиб, уни герменевтик услуб орқали шарҳланган. Муаллифнинг чуқур илмий ёндашуви, манбаларга асосланганлиги ва замонавий Ўзбекистон Учинчи Ренессанси контекстидаги аҳамияти билан ажралиб туради. Тасаввуф ва фалсафа билан қизиқувчилар учун бебаҳо хазина – илҳом бағишловчи, камолот йўлини ёритувчи аъло асар!