Нақшбандия таълимоти


Баҳоуддин Нақшбанднинг асосий хизмати жаҳоншумул нақшбандия таълимотини яратди. Бу таълимот ўзигача бўлган барча тасаввуфий таълимот ва йўлларнинг энг яхши томонларини олган. Бу камолот йўли меъёрдаги, ҳушёрликка асосланган мумтоз таълимотдир. Шунинг учун нақшбандияни барча тариқатларнинг зубда ва хулосаси деб айтадилар.

Ҳазрат Алишер Навоий “дилкаш”, “дилнавоз” деб тавсифланган нақшбандия таълимоти Баҳоуддиннинг Шоҳ Нақшбанд номидан олинган бўлиб, унинг ғоялари асосида шаклланди. Бу таълимот Бухорои Шарифда вужудга келди ва кейинчалик жаҳонга тарқалди. Баҳоуддин Нақшбанд бу таълимотни яратиб, Бухорои Шарифнинг Еттинчи пири сифатида дунёга танилди. Чунки у киши Бухоронинг олти пири бўлган - Абдулхолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Ҳазрат Амир Кулолларнинг яратган хожагон таълимотини қабул қилиб, унинг асосида янги нақшбандия таълимотини яратди. Баҳоуддин Нақшбанд хожагон таълимотидаги саккиз тамойил – “Ҳуш дар дам”, “Назар бар қадам”, “Сафар дар Ватан”, “Хилват дар анжуман”, “Ёдкард”, “Бозгашт”, “Нигоҳдошт” ва “Ёддошт”га учта тамойил – “Вуқуфи замоний”, “Вуқуфи ададий” ва “Вуқуфи қалбий”ни киритиб, ўн бир тамойил асосида инсонни баркамол этишда аҳамиятли бўлган янги таълимотга асос солди. Бу таълимот “Даст ба кор, дил ба Ёр” – “Қўл ишда, қалб Оллоҳда” ва “Нақш банд ба дил банд” – “Нақш боғла қалбда боғла”

Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг моҳияти инсон ва унинг камолоти масаласидир. Баҳоуддин Нақшбанд «Аврод» асарида инсоннинг «шариф», яъни мавжудотлар ичида энг мукаммал қилиб яратилганлиги ҳақида ёзади. Асарда Қуръони Каримда Тангри Одамни яратар экан барча фаришталарни унга сажда қилишга буюргани, зеро, У инсонни ўзининг ердаги халифаси, яъни ўринбосари сифатида яратгани ҳақидаги оятларининг моҳиятини очади. Демак, Баҳоуддин фикрича, инсон бу оламдаги ўз ўрни, асл моҳиятини билиши лозим. Инсон Тангрининг ердаги халифаси эканлиги ва унинг барча сифат ва исмларини ўзлаштириб, куч-қудратини намойиш этиш учун яратилганлигини билиши ва шунга мос амал қилиши керак. Инсон бутун борлиқни ўзида акс эттирган мукаммал зот эканлиги ва бу камолот даражасига етмоқ учун Тангрининг олий, пок, куч-қувватлари билан узвий боғланишда

Баҳоуддин Нақшбанд инсонни Тангри яратганини ва у бутун борлиқдаги энг мукаммал мавжудот эканлигини тан олади. Баҳоуддин "Сен менинг парвардигоримсан, мени халқ қилгансан", деб таъкидлайди. У бу иборалар билан инсон Тангри амри билан яратилганлигини, таъкидламоқда. Бу билан инсоннинг асли, яратувчиси, парвардигори Тангри эканлигини кўрсатиб, унинг илоҳий хусусиятга эга эканлигини айтмоқда. "(Эй,Тангри) Сен ўз қўлинг билан бизни яратдинг, парвариш этдинг ва барча касрат – кўплик орасида бизни энг юксакликда қўйдинг" – деб Баҳоуддин Тангри томонидан яралган нарсаларнинг барчасидан инсон мукаммал ва юксакликда турганлигини уқтирмоқда.

"... бизни энг юксакликда қўйдинг" – ибораси билан Ҳазрат Баҳоуддин инсонни Тангри халқ қилган, яъни яратгани ва инсон бутун мавжудотлар – фаришта, ҳайвон, ўсимлик ва бошқалар ичида энг мукаммал бўлганлиги ва шунинг учун ҳам илоҳий сифатларни эгаллай олишини эътироф этади. Баҳоуддин бу ибора билан инсонни Тангрининг ердаги халифаси эканлигини айтади. У доимо шу номга муносиб бўлиш учун ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлайди.

Баҳоуддин фикрига кўра инсон икки нарсадан таркиб топгандир. Биринчиси – жисм бўлиб, у Халқ оламидандир. У мавжудотнинг зоҳири – шакли, кўринишидир. У маконда мавжуд. Унинг озиғи ҳам шу Халқ оламидандир. Иккинчиси руҳ бўлиб, у Амр оламидандир. У мавжудотнинг ботинидир. Унинг ҳади йўқ ва озуқаси ҳам ўша оламдандир.

"Канз ал ибод"даги шарҳлар гувоҳлик берадики, Баҳоуддин Нақшбанд "Аврод" асарида эътибор берган масалалардан бири руҳ ва нафс тушунчаларидир. Буларни изоҳлашда Баҳоуддин латиф ва касиф тушунчаларини қўллаган. У руҳнинг латифлиги ва нафснинг касифлигини таъкидлаб, руҳнинг Амр олами билан ва нафсни халқ олами билан боғлиқлигини айтган.

Шоҳ Нақшбанд “Аврод” рисоласининг охирида шундай сўзларни ёзган:

“Сенинг буюклигинг ва илоҳийлигингдан сўрайман: Бизга инсоний хислатларни ато қил! Бизнинг руҳимизни фаришталаринг билан олий даражага кўтаргин. Ё ҳол ва қувватларни ўзгартира оладиган зот! Бизнинг ҳолимизни яхшиликка томон ўзгартир!”

Маълум бўладики, Баҳоуддин аввало инсоний хислатларни ато этилишини сўраган. Яъни инсонни бу ҳаётда яшашдан мақсади тўла инсоний хислатларни эгаллаб, шу улуғ номга муносиб амал қилиш экан. “Бизнинг руҳимизни фаришталаринг билан олий даражага кўтаргин” деб, Баҳоуддин инсонни ўз асли – илоҳийлик мақомига етишини сўрамоқда. Шоҳ Нақшбанд инсон ҳолати жуда муҳим эканлигини англаган ва уларнинг ҳол ва қувватини яхшиликка томон ўзгартиришни Оллоҳдан илтижо қилиб сўраган. Чунки илм бутун вужудга сингиб эзгу ният, эзгу амал, эзгу куч-қувватга айланса бутун инсоният манфаатига хизмат қилади. Бундай комил инсон борлиққа ҳаёт бағишлайди.

Баҳоуддин Нақшбанд инсонни маърифатли бўлишига махсус эътибор берган. Тасаввуф таълимотида маърифат – инсон руҳий камолотининг шариат ва тариқатдан кейинги учинчи босқичидир. Бу илоҳий иноят билан бериладиган бир даража бўлиб, бундай мартабага юксалган шахс Тангрини танийди, яъни у, аввало, ўзлигини англайди, аслини билади ва шу орқали худосини кўради. Тасаввуфдаги «худшуноси – худошуноси аст» яъни, «ўзини, ўз нафси ва руҳини таниган киши Тангрини ҳам танийди», деган гап асл маърифатли бўлиш моҳиятини очиб беради. Ориф Ревгарийнинг «Орифнома» асарида маърифатга катта эътибор берилган. Унда шундай ёзилган: «Маърифатнинг чегараси – нафсдан холи бўлмоқ ва бунинг таъбири (усули) ҳалол нарсалардангина баҳраманд бўлмоқни одат қилмоқдир. Маърифат – қалбнинг Тангри таоло ягоналигини тасдиқ этмоғидир». Унинг самараси – Тангри томон юз тутмоқдир.

Баҳоуддин Нақшбанд маърифатни кенг маънода тушунади. У руҳий камолотнинг асосий мақсадини маърифатли бўлишдир, деб билади. Маърифатни – ижмолий (қисқа) ва тафсилий (тўлиқ), деб иккига ажратади. Баҳоуддиндан сўрайдилар: «Сайру сулукдан мақсад нима?». У жавоб беради: – «То ижмолий маърифат тафсилийга айлансин», яъни солик хабарчидан қисқагина қабул қилинган нарсани, тафсил йўли билан тўла таниб олсин. Баҳоуддин ижмолий маърифат босқичида далилу ҳужжат воситаси билан, яъни ақлу тафаккур ила амал қилиш мумкинлигини айтади. Тафсилий маърифат мартабаси эса кашф ва аёнлик ила, яъни Тангри инояти орқали ҳосил бўлади, дейди. Баҳоуддин Нақшбанд «Ҳаққа етиш талабида бўлган соликларнинг асл мақсади тафсилий маърифатдир», яъни Ҳаққнинг талабида бўлган инсон – бутун Куллга тўла сингиб кетиши сайру сулукнинг охирги мақсадидир, деб белгилаган.

Ҳазрат Баҳоуддин «Тавҳидга етиш осон, лекин маърифатли бўлиш мураккаб жараён, шунинг учун унга пиру муршид раҳбарлиги орқали етишиш мумкин», дейди. Тавҳид – Аллоҳнинг ягоналигини идрок этишдир.

Нақшбанд Ҳаққа етиш йўлининг ўзни танишдан бошланиши, бу йўлда асосий тўсиқ, кишининг ўзи эканлигини таъкидлайди. Инсон маърифатли бўлиши, ўзини англаши, ўрганиши учун аввало ўз-ўзини бошқара олиши, барча қувватларини илоҳий йўлга сарфлаши, бутун вужудини идора этиб, уни руҳий камолот учун сафарбар этиши керак. Шунинг учун Баҳоуддин покланиш керак, деб таъкидлайди. У айтади: «Ҳақ йўлининг аввали ботиндан ёмон сифатларни йўқотишни талаб этади. Билгинки, ердан яхши ҳосил олиш учун уни барча хашаку хаслардан тозалаб, кейин уруғ сепилади. Худди шундай ботинни поклаб, сўнг унга зикр уруғини сепиш керак».

Баҳоуддин Нақшбанд маърифатли бўлишни фано ҳолати билан боғлайди. Фано ҳолатига етгандан сўнг кишига маърифатнинг сирлари очилади, дейди. Бунинг учун барча ҳижоб тўсиқлар бартараф бўлиши керак. У яна таъкидлайдики, илм ва ақлнинг йўли то фано соҳилигачадир, яъни бу моддий олам билан боғланган нарсаларни ўрганишда илм ва ақл кўмаклашади. Фано ҳолатига етиб йўқлик оламига киргандан кейин ҳайрат ва бенишонлик бошланади. Яъни тафсилий билиш жараёнида далил ва исбот эмас, норационал билиш усуллари зарурлигини айтмоқчи бўлади. Бу жараённи Нақшбанд шундай таърифлайди: «Таниш шуҳуддан вужудга келади. Шуҳуд вужуддан эмас, унга зиддир». Яъни бу ирфоний жараёнда ақл эмас, руҳий билиш, қалб кўзи асосий ўринни эгаллайди. Бу «кўз» билан ғайб олами сирларини кўриб бўлади. Далилу бурҳондан сўнг кашфу аён мартабасига ўтилишини таъкидлайди.

Бу жараёнда ҳосил бўлган илмга эса у яқин – шаку шубҳа бартараф бўлган ҳақиқий илм, деб таъриф беради. Баҳоуддин «Яқинни бизга бер: у дунё ва охират мусибатларини кеткизади», дейди. Яқин, Нақшбанд фикрича, асл зотнинг нуридир, инчунин унинг илоҳий сифатларини идрок этишдан иборат.

Баҳоуддин «Аврод»ига ёзилган «Канз ал ибод» шарҳида «яқин» уч даражада бўлиши кўрсатилган:

1. Илм-ал-яқин – бу Асл зотнинг нури ва илоҳий сифатларини билиш, у далиллар босқичидан бошланади. Бу илмга эга бўлганларнинг ҳоли маърифат бўлади ва бу даража авлиёлар мартабасига тўғри келади.

2. Айн-ал-яқин – бу босқичдаги билиш футуҳлар билан боғлиқ кечади. Унинг ҳолати жамъдир. Бу даража хос авлиёлар мартабасидир.

3. Ҳаққ-ал-яқинда инсон муфассал билимга эга бўлади. Унинг ҳоли жамъ ул жамъдир. Бу расул ва набийлар ва ҳақиқат аҳлининг даражасидир. Илм ал-яқин – тасаввуф маърифатининг аввалги зинаси бўлиб, у илоҳий моҳият касб қилингандан сўнг ҳосил бўлган билиш орқали амалга ошади. Бу, асосан моддий олам маърифатига мансуб бўлиб, сўфий яқин, аниқ, шак-шубҳасиз тушунадики, моддий оламда кўринаётган барча нарсалар илоҳий зот исмлари ва сифатларининг равшан, яққол кўринишидир.

Илм ал-яқин орқали у далил ва исботлар, ақлий муҳокама юритиш воситаси билан ҳақиқат нурининг зуҳурига ишонч ҳосил этади, яъни унда ҳеч қандай шаку шубҳа қолмайди. Бу билиш босқичидан кейин касб қилинмаган билиш йўлига ўтади ва нафсини поклаш орқали ҳақиқатга етади. Сўфийлар шунинг учун ҳам маърифатни ақлий далиллар, мушоҳада ва мукошафага ажратадилар. Илм ал-яқинда – далил, исбот, айн ал-яқинда – баён, ҳаққ ал-яқинда – аённи шарт қилиб қўядилар. Сўфийлар илм ал-яқин даражасида бўлганларни уқул – ақллар асҳоби, айн ал яқиндагиларни улум – илмлар асҳоби ва ҳақ ал-яқиндагиларни маъориф – орифлар асҳобига мансуб, дейдилар.

Баҳоуддин «Яқинни бизга бер» деганда қалбдан шак-шубҳани кеткизмоқни назарда тутади, чунки қалбдаги бу туйғу инсон билан Тангри ўртасидаги энг катта тўсиқдир. Баҳоуддин бу ҳақда шундай айтган:

Гарчи ҳижоби ту берун аз ҳад аст,

Лек ҳеч ҳижобат чу пиндор нест.

Мазмуни:

Сенинг ҳижобларинг ҳаддан ташқари кўп бўлса-да,

Лекин бирорта ҳижоб пиндор – гумон, шак – шубҳа каби эмас.

Баҳоуддин Нақшбанднинг ирфоний таълимотида вужуд билан шуҳуд тушунчаси қарама-қарши туради. Ақл ва илм вужуд билан боғланган ва далил ҳужжат босқичи, дейилса, шуҳуд кашфу аёнлик даражаси бўлиб руҳият билан боғлангандир. «Ғиёс ул-луғот»да ёзилишича, шуҳуд соликларнинг истилоҳида «Ҳаққни кўриш, билиш, таниш демакдир». Шуҳуд даражасига етган солик сурат, касрат мартабаларидан ўтиб аёний тавҳид мақомига етади. Кўпликнинг суратига қараб туриб, шунинг жамулжамида Ҳаққни мушоҳада этади. Унда Оллоҳдан ўзга нарса ва ҳодисалар мушоҳадасининг ўзи тўла йўқ бўлади ва ҳар нарсагаки кўзи тушса, унда фақатгина Ҳаққни кўради.

Баҳоуддин маърифатли бўлишда руҳий камолот босқичлари, бинобарин бундаги нафсга қарши мухолифатда бўлиш ила сабр фазилатининг ўрнига алоҳида урғу беради. Баҳоуддин маърифатли бўлиш жараёнида ҳалол луқма ва ҳушёрликка алоҳида эътибор бериб, ўзи фақр йўлини ихтиёр этган ва шу боис муридларига «ҳуш дар дам» талабини шиор қилиб қўйган эди.

Баҳоуддин Нақшбанд вақт ҳақидаги илмни инсон камолотининг асосига қўйди. Баҳоуддин Нақшбанднинг тарихий хизматларидан бири “Вуқуфи замоний” – “Замон, вақтдан огоҳлик” рашҳа – ҳаётбахш ўгитларини нақшбандия таълимотининг асосий тамойили сифатида киритди. Вуқуфи замоний – инсон ўзи яшаётган давр, замон қандай кечаётганлигидан огоҳ бўлиши, умр бир бор берилиши ва инсон уни хайрли, эзгу ишларга сарф этиши лозимлиги, ғафлатда қолмаслик, лоқайд бўлмаслиги, огоҳ, ҳушёр, дахлдор бўлиши деган мазмун – моҳиятни англатади.

Ҳужвирий “Кашф ул маҳжуб” асарида вақт илми ҳақида ёзган, Муҳосибий ўтган вақтни доимо ҳисоб – китоб қилиб туриш лозим деган, Абдухолиқ Ғиждувоний “умр энг улуғ сармоя, йўқотилган вақт шу сармоянинг беҳуда сарфланиши” деб, уни асраш лозимлигини васият қилганлар. Ориф Ревгарий “Орифнома” асарида – “Вақт қилич каби кескирдир” деган. Умуман тасаввуф аҳли вақтни қадрлаган. Хожагон таълимотида Юсуф Ҳамадоний томонидан киритилган “Ҳуш дар дам” тамойилида ҳам мазкур ғоя акс этади. Аммо Баҳоуддин Нақшбанднинг хизматлари шундаки, “Вуқуфи замоний” рашҳасини назарий жиҳатдан асослаб, нақшбандия тариқати амалиётида жорий этган. Баҳоуддин “Имрўз бубин бо дидаи ботин жамоли дўст, эй бехабар ту фардо чи куни?” – “Бугун ботин кўзинг билан ҳақиқатни англа, эй бехабар эртага нима қиласан?” деб, бугун сен тирик, сенда эзгулик қилиш, ўқиш, ўрганиш имкони бор, ўтган вақт ўтди, кейинги вақт келадими ёки йўқми, яна эзгу иш қилиш учун имкон бўладими ёки йўқми, шунинг учун инсон ҳар он, ҳар нафас, ҳатто нафаслар орасидаги вақтни ҳам ғанимат билиши ва бу бебаҳо, қайтиб келмайдиган имкониятдан унумли фойдаланиши лозим, – дейди.

Баҳоуддин Нақшбанд асослаган нақшбандия таълимотида инсон фаол ҳаёт тарзини ўтказиши кераклиги қайд этилади. “Даст ба кору, дил ба Ёрлик”, хилватнинг анжуманда бўлиши, сафарнинг Ватанда қилиниши бунга имкон бериши билан бирга нақшбандияда робита деган амалиёт киритилган. Нақшбандия йўлидаги инсон робита амалиёти орқали ўз-ўзини таҳлил этиб туради. “Робитаи ҳузур”, “Робитаи мавт”, “Робитаи муршид”, бир томондан эркин меҳнат фаолиятини олиб бориб эътиқод қилишга имкон берса, иккинчидан инсонни ҳар бир ўтган вақт, замонини таҳлил этишга ўргатади. Нақшбандия вақтдан тўғри фойдаланиш натижасида инсон “ибн ул вақт” – вақт ўғли, “абдул вақт” – вақт отаси даражасида улғайиши ва вақтни ўз измида бошқара олиши мумкин деган.

Баҳоуддин Нақшбанднинг "вуқуфи замони" тамойили нафсни жиловлаш учун жуда катта аҳамиятга эга. "Бу қоидага асосан, банда ҳамиша ўз аҳволидан воқиф бўлмоғи лозим, токи ҳар бир сифат ўзгаришда (замонида) банданинг ҳоли қандай кечади, мавжиби шукр бўладими ёки мавжиби узрми. Бу деган гап, солик (Ҳақ йўлидан бораётган киши) ўз умридаги ҳар бир дақиқани, яхшилик (хайр) билан ўтдими ёки ёмонлик (шарр) билан ўтдими, буни доимо ҳисоб-китоб қилиб яшамоғи даркор". Демак, "вуқуфи замони"га асосан Ҳақ йўлидан бораётган шахс ўз аҳволини назорат қилиши, тўғри иш қилган бўлса шукр қилиши, гуноҳ қилган бўлса истиғфор айтиб, Оллоҳдан мағфират сўраши лозим. Мавлоно Яъқуби Чархий маълумот берадиким, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд менга, оғир ҳолатимга истиғфор этишга, тавба қилишга ва яхши, хуш аҳволимда шукр этишга амр этардилар ва шу икки ҳолатга риоя этиш вуқуфи замони эканлигини айтар эдилар.

Вуқуфи замонийда асосий тушунчалардан бири муҳосабадир. Муҳосаба – орифлар руҳий камолининг йўлидир. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд бу йўл – орифларнинг Ҳаққа етиш воситасини шундай изоҳлаган: " Муҳосаба – ўтган ҳар бир соатимизни ҳисоблаш ва текширишдир. Ўтган ҳар бир соатимиз, нафасимиз ва замонамиз ҳузур билан ўтдими ёки нуқсон биланми, агар ҳаммаси нуқсон билан ўтган бўлса қайтамиз ва амални аввал бошдан бошлаймиз".

Баҳоуддин Нақшбанд муҳосаба билан вуқуфи замони тушунчасини бир маънода ишлатади. Муҳосаба даражасига етиш учун ориф вақтнинг қадрини биладиган бўлиши керак. Нақшбандия тариқати аҳли орасида бутун тасаввуф аҳлига хос бўлганидек, вақт жуда қадрланган. Вақтнинг нақадар қимматли ва азиз эканлигини билиш лозимлигини соликларга уқтирганлар. Уни бекорга зое этиб сарфлашдан уларни сақлаганлар. Зеро, вақт – нақддир. Уни бошқа қайтариб бўлмайди. Шунинг учун соликлар йўлнинг қайси мартабасида бўлсалар ҳам вақтни муҳофаза ва муҳосаба этиб, уни зое этмасликка ҳаракат қилганлар. Туркиядан чиққан "Тасаввуфий ахлоқ" деган китобда муҳосаба ҳақида гап кетганда қуйидаги мисралар ёзилган:

Нақди умри йўқ ерга сарф этма ғафлат айлайиб,

Ҳар замон тоатда бўл, ул ғафлатла эптар бўлмагил.

Вақтингга олим бўлиб, дарк айла дуру нафъини,

Бўлма жоҳил вақтингга, хусронга мазҳар бўлмагил.

Вақтни сақлаш, асраш учун бу таълимот кундузлари – рўзадор, кечалари бедор бўлишни талаб этади. Яъни вақтни ейиш ва ухлашга сарфламасдан, меъёрида ейиш ва ухлаш керак, дейди. Қалбни беқарорликдан, Оллоҳдан ўзгага боғланишлардан ҳимоя этиш, тилини қуруқ сўздан, кўзини фойдасиз нарсага боқмоқдан, қулоқларни кераксиз ва гуноҳкор овозлардан, оёқларини беҳуда ерга, гуноҳга ботган жойларга боришдан муҳофаза эта олиши керак. Ҳаром ва шубҳали нарсаларни ейишдан жуда ҳам сақланиши керак. Ахлоқи замимани тўлалигича тарк этиши, бу моддий дунёдаги тааллуқотларини узиши лозим. Дангасаликдан жуда сақланиш керак.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд асослаган бу тариқат аҳли ўртасида унинг шундай фикри машҳур бўлган: "Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир".

Муҳосаба вақтида ориф ҳар бир нафасини назорат қилиши ва агар ғафлат билан ўтган бўлса бозгашт қилиш керак, яъни ишни қайтадан бошлаши лозим дейди.

Баҳоуддин Нақшбанд “Вуқуфи замоний” рашҳасининг асосида "ҳуш дар дам" талаби туради. Баҳоуддин "ҳуш дар дам"ни нақшбандия таълимотига асос сифатида қабул қилган. У асослаган нақшбандия тариқатига "хуш дар дам" рашҳа сифатида кирган. Баҳоуддин Нақшбанд "ҳуш дар дам"ни изоҳлаш учун айтган қуйидаги рубоийси сақланган:

Эй, монда зи баҳри илм дар соҳил айн,

Дар баҳр фароғат асту дар соҳил шайн.

Бардор сафи назар зи мавжи кавнайн,

Огоҳ зи баҳр бош байнул нафасайн.

Мазмуни:

Эй илм эгаллаш учун денгиз соҳилида очиқ кўз билан турган киши,

Денгизда фароғат бору, соҳилида ёмонлик.

Тўлқинларнинг талотупидан қарашларингни кўтаргин,

Нафасларинг орасида ҳам денгиздан огоҳ бўлгин.

Баҳоуддин Нақшбанд бу мисралар орқали ҳар бир дам у ёқда турсин, ҳатто нафасларинг орасини ҳам ғафлат билан ўтказмагин, мудом оламнинг моҳиятидан огоҳ бўлгин деб ҳақиқат талабида бўлганларга мурожаат қилмоқда. Бу шеърда "айн" кўз, дида назар маъносида келиб, «шайн» ёмонлик, айб маъносини англатади. Бу рубоийдан шундай натижа чиқадики, сен соҳилда очиқ кўз билан туриб билишинг лозимки, олам моҳияти - денгизни англашда фароғатдир. Соҳилда эса мавжлар сени мафтун этади, аммо ёмонлик яшириндир. Шунинг учун инсон ҳар нафасда олам моҳиятидан огоҳ, ҳушёр бўлиши вақтини зарурий нарсага сарфлаши ва шаклан чиройли, лекин ўткинчи нарсалар уни мафтун этмаслиги лозим.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд "ҳуш дар дам"ни шундай изоҳлаганлар: "банои кор дар ин роҳ бар нафас мебояд кард, чунонки, иштиғол ба вазифа ба ҳама замону ҳол, аз тафаккури мози ба тафаккури мустақбил машғул гардонад, нафасро нагузаронанд ва дар хуруж ва духули нафас бе хифзи мобайни нафас саъй намояд, ки бо ғафлат фуруъ нараваду бар наояд". Мазмуни: барча ишларнинг асоси нафасдадир. Йўл юрувчи ишида ҳаракат қилиши лозимки, замоннинг муҳим вазифаси билан шуғулланишда хаёлни ўтмишдан ва фикрни келажакдан озод этсин ва ҳар бир нафасни зое этмасликка уринсин. Нафаснинг кириши, чиқиши ва икки нафас ўртасини эхтиёт қилсинки, нафас ғафлат билан кириб чиқмасин.

Баҳоуддин Нақшбанд огоҳликка ҳамма ерда, хусусан таом тановвулида риоятни шарт, деганлар. Агар дарвешлардан бир киши луқмани ғафлат ичра егучи бўлса, Баҳоуддин дарҳол уларни шафқат ва тарбият қилиб айтарди: "Бир луқмани ғафлат билан ема. Агар бир таом ғазаб, кароҳат ва душворлик билан табақ бўлган бўлса, уни егин демаймиз". Ўзлари ҳам мудом шунга амал қилганлар. Ғадют деган жойда у киши уларга келтирган таомни емайдилар ва айтадиларки: – “Бизга бу таомни ейиш мумкин эмас. Бунга сабаб шуки, у ғазаб билан пиширилгандир.” Баҳоуддин мудом шогирдларига таъкидлардиларки, агар таомнинг бир капгири ғазаб ва кароҳат билан пиширилган бўлса, бизлар емаймиз. Ҳар ишки, ғазаб ва нафрат қароҳат ва душворлик билан бўлса, унда хайру баракот йўқдур, ҳавойи нафс ва шайтон унга йўл бўлишадир. Ҳосили аъмоли ҳасана таоми ҳалолдадир, уни ғафлатда емаймиз.

Баҳоуддин Нақшбанддан сўрадилар:

- Ҳузури қалб намозда нимадан ҳозир бўлур?

Буюрдилар:

- Таомни ҳалол егул. Доим воқиф ва огоҳликда бўл.

Юқоридаги сўзлардан бу тариқат аҳли орасида ҳалол луқма ва огоҳлик асосий талаб эканлиги маълум бўлади.

Баҳоуддин Нақшбанд яратган вақт илми ҳозирги кун учун ҳам бебаҳо хазинадир. Баҳоуддин Нақшбанд сон ҳақидаги илмни яратиб, уни инсон камолотига оид таълимотнинг асоси деб билганлар. Баҳоуддин Нақшбанд “вуқуфи адади” деган рашҳа – ҳаётбахш ўгитни кашф этиб, унга амал этиш лозим, дедилар. “Вуқуфи адади”-сондан, ададдан огоҳ бўлишдир. Бу таълимот асосида икки тушунча – касрат – кўплик ва ваҳдат – ягоналик ётади. Оламга назар солганда борлиқдаги барча нарсалар ранг-баранг ва турли-туман кўринсада, уларнинг асл моҳияти биртадир. Баҳоуддин Нақшбанд бирлик, ягоналик, аҳад барча нарсаларда тажаллий этган, акс этган, дейди. Абдураҳмон Жомий “Шарҳи рубоиёт” асарида “Вуқуфи ададий”ни қуйидагича изоҳлаган:

Дар мазҳаби аҳли кашфу арбоби хирад,

Сорист аҳад дар ҳама афроди адад.

Гарчи адад берун аст зи ҳад Лек дар сурату, дар модааш ҳаст аҳад.

Мазмуни:

Кашф аҳли мазҳаби ва хирад арбобида,

Барча ададларда аҳад(бирлик) намоёндир.

Ададлар ҳаддан зиёда бўлсалар-да,

Лекин уларнинг сурати ва моддасида аҳад намоёндир.

Демак, барча борлиқнинг асл моҳияти бирта – илоҳий бирлик, яъни аҳадиятдир, деб уқтирган Баҳоуддин Нақшбанд. Бу мазмунда яна шундай ёзганлар:

Касрат чу нек дарнигари асли ваҳдат аст,

Маро дар ин шак нест, гар туро шак ҳаст.

Дар ҳар рақам бингари аз рўи эътибор,

Гар сураташ бубини, лек модааш як аст.

Мазмуни:

Касратга эътибор билан қарасанг асли ваҳдатдир,

Менда бунга шак йўқ, гар сенда шак бўлса-да.

Ҳар бир сонга эътибор билан қарасанг,

Сурати турлича бўлса ҳам асли биттадир.

Бутун олам ягона асосга эга деган фикр билан Баҳоуддин Нақшбанд бутун борлиқни севиш, эъзозлаш, унга муҳаббат билан муносабатда бўлиш лозим деганлар. Баҳоуддин Нақшбанд бутун инсониятни – унинг дини, ирқи, жинси, миллати, иқтисодий мавқеига қарамасдан илоҳий ҳилқат сифатида кўриш, уни асраш лозим деб, барчани аҳил, тинч, хотиржам, муросаю-мадорада яшашга ундайдилар. Сонлар фалсафасига Пифагордан бери эътибор берилган бўлса-да, Баҳоуддин Нақшбанд вуқуфи ададийни ладуний илмнинг ибтидоси деб қарайдилар ва сонлар аслидан огоҳ инсон ладуний илм соҳиби бўлиши мумкинлигини исбот этадилар.

Баҳоуддин Нақшбанд – «Вуқуфи адади ладуний илм мартабасининг аввалидир», деб айтган. Ладун – арабча сўз бўлиб, олдидан, ёнидан деган маънони англатади. Қуръони Каримда бу сўз такрорланиб туради. Ладуний илм асосан Оллоҳнинг олдидаги, ёнидаги илм маъносини англатади. Ладуний илм деганда Оллоҳгагина бор бўлган ва унинг ёнида бўлган, у истаган кишига, истаган жой ва вақтда берадиган илм тушунилади. «Фарҳанги забони тожик»да ладуний илм ҳақида шундай дейилган: «Ладуний – табиатда зеҳннинг иштирокисиз, жидду жаҳд қилмасдан, Оллоҳ томонидан ато этиладиган, Аллоҳ берган илмдир». Буни ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қуйидагича таърифлаган: «Ладуний илм шундай илмдурким, қурб аҳлига илоҳий таълим ва раббоний тафҳим ила маълум ва мафҳум бўлади. Бу иш ақлнинг далили ва нақлнинг шоҳидисиз амалга ошади».

Тасаввуфга доир барча луғат, мақолаларда билиш ҳақида гап кетганда ладуний илм – яқин, тўғри билим, ҳақиқат даражасидаги билим деб, уни Аллоҳ инояти билан берилиши таъкидланади. Йирик олим Франц Роузенталь ҳам «билим – нур, сўфийлик» ҳақида гапирганда «илм» ва «яқин» тушунчаларини таққослайди ва «яқин» илоҳий томонидан берилади, деган тушунчани илгари суради. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотида бу нуқтаи назар бошқача изоҳланади. Унинг фикрича, ладуний илм билан яқин илми ўртасида фарқ мавжуддир. У шундай айтади: «Ладуний ва яқин илмларнинг орасида фарқ шудирки, яқин илми – асл зотнинг нури ва илоҳий сифатларини идрок этишдан иборатдур. Ладуний илм эса илҳом орқали унинг маъносини ва Ҳаққнинг каломларини фаҳмлай олишдир».

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқадики, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг фикрича яқин илми орқали сўфий Тангрини зоти ва сифатларининг нурларини идрок қилади. Ладуний илмда эса Илҳом орқали Ҳақ моҳияти ва каломларини фаҳмлай олади. Баҳоуддин Нақшбанд ладуний илмни яқин илмдан кўра юқори даражада ва бутун оламдаги илмларнинг энг юксаки, деб қарамоқда. Чунки асл мақсад – бу нурларни кўриш эмас, балки Ҳақ моҳияти ва каломлари маъносини англашдир.

Нақшбандийликка оид манбаларда ладуний илм қуйидаги уч йўл билан берилиши кўрсатилган:

1. Ваҳий орқали пайғамбарларга.

2. Илҳом орқали муқаддас шахслар – валийларга.

3. Интуиция (фаросат) орқали сўфийларга.

Ладуний илм ҳол илмининг энг юксагидир. У барча ботиндаги моҳиятларнинг асл маъносига етишга ёрдам беради.

Баҳоуддин Нақшбанд қалб ҳақидаги илмни ривожлантириб, нақшбандия таълимотининг асосига қўйдилар. У киши “вуқуфи қалбий”, – “қалбдан огоҳ бўлиш” рашҳаси – ҳаётбахш ўгитини кашф этиб, нақшбандия тариқати тамойили сифатида жорий этдилар. Умуман, тасаввуф аҳли қалб масаласига жуда катта эътибор беради. Бу масалада Баҳоуддин Нақшбандгача кўп фикрлар айтилган, асарлар ёзилган, лекин айнан Баҳоуддин Нақшбанд “вуқуфи қалбий” тушунчасини инсон камолоти учун зарурий тамойил сифатида нақшбандия тариқатига киритдилар. Баҳоуддин Нақшбанднинг “Аврод” рисоласи ва у киши томонидан маърифатга оид айтилган ҳикматли сўзлари йиғилган Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия” асарида айнан қалб инсоннинг жисмоний ва руҳий оламини бир-бири билан боғлаб турган марказ эканлиги, қалбда нақшланган нарса хотирада муҳрланиши, қалб ҳолати инсоннинг бутун ҳолатини белгилаши ва шунинг учун қалбни поклаб туриш, уни ташқи таъсирлардан асраш, ёмон ҳамсуҳбатлар, ёмон ҳиссиётлардан асраш лозимлигини таъкид этганлар. “Нақш банд, ба дил банд” – “Нақш боғла, қалбда боғла” шиори нақшбандия таълимоти асосидир. Инсон қалбини илоҳий нақш макони қилиб унда Олий Наққошни мушоҳада этиши натижасида ҳам ўзини, ҳам Оллоҳни англай олади, дейди Баҳоуддин. Шоҳ Нақшбанд жуда кўп таъкидлаганларки:

Зи ғайрат хонаи дилро зи ғайрат кардаам холи,

Ки ғайратро намешояд дар ин хилватсаро будан.

Мазмуни:

Ғайрат қилиб қалб ўйини ғайрдан тозаладик,

Чунки бу хилват саройида ғайр - ўзга муносиб эмас.

Бу мисралар билан Баҳоуддин Нақшбанд “Дил ба Ёр”лик моҳиятини очмоқдалар. Қалб – илоҳий хилват маконида фақат илоҳий ишқ, муҳаббат, бутун борлиқ муҳаббати, эзгу ният, эзгуликлар мужассам бўлиши лозим. Кибр, ҳасад, ғазаб, кина, нафрат, ўзга боғланишлар – дунёпарастлик, суратпарастлик, зоҳирпарастлик, молпарастлик, мансабпарастлик каби иллатлардан қалбни тозалаб туриш лозим, дейдилар.

Баҳоуддин Нақшбанд “вуқуфи қалбий”ни икки маънода тушунтирганлар: Биринчиси – инсоннинг ўз қалбидан огоҳ бўлиб туриши.

Иккинчиси – қалб – асл ҳақиқат, илоҳий моҳиятдан огоҳ бўлиб туриши. Нақшбандия таълимотида қуйидаги ғоя мавжуд:

Андар ин миллат набошад масҳи тан,

Лек масҳи дил бувад, эй зулфатан.

Мазмуни:

Бу миллат ичида тананинг масҳи йўқдир,

Лекин дил (қалб) масҳи бор.

Бу мисралар билан инсон доимо қалбидан огоҳ бўлиши, унга кирган ғуборотларни қувиб чиқариши, поклаши лозим деб айтмоқдалар. “Вуқуфи қалбий” рашҳасининг аҳамиятини Баҳоуддиннинг шогирди Яъқуби Чархий шундай шарҳ этган: “Вуқуфи қалбий”га амал қилиш барча ҳолатларда муҳимдир. Масалан: еб-ичишда, ухлашда, юриш-туришда, олди-сотдида, таҳоратда, намозда, Қуръон ўқишда, ёзиб-чизишда, ваъз айтишда. Бу инсонни ғафлат лойига ботмаслик ва ғафлатдан доимо узоқда бўлишга ёрдам беради.” Қалб поклиги хотирага, хотира ҳолати қалбга таъсир этади. Шунинг учун қалбдан огоҳ инсон ҳақиқий инсон бўлиб, у оқибатли, эзгу ишли бўлади.

Баҳоуддин Нақшбанд нафсни тарбиялашнинг энг мақбул мукаммал йўлини топганлар. Нақшбандия таълимотидаги “Даст ба кор”лик, меҳнат қилиш ва барчага холис яхшилик қилиш ғояси нафсни тарбиялаш воситаси бўлган. Баҳоуддин Нақшбанд “Бизнинг тариқатимиз суҳбатдир, хилватда шуҳратдир ва шуҳратда офатдир,” – деганлар. Бу тариқатда чилла ўтириш, хилватга чекиниш, узоқ муддат пирнинг хизматида бўлиш бўлмаган. Натижада тариқат аҳли оиласига, қон-қариндош, маҳалла ва Ватанига фойдаси теккан. Меҳнат қилиш жараёни ҳам холис, пок, риёсиз, ҳалол бўлган. Ҳалол луқма, ризолик, муросаю мадора нафс тарбиясига ёрдам берган. Кўп тариқатларда дарвешлар узлатга чекиниб, меҳнат қилмай, тиланчилик, текинхўрлик билан кун кечирганлар, тариқат аҳлини устма-уст чилла ўтириб нафсини тарбиялашга уринганлар. Нақшбандияда меҳнат, ҳиммат, ғайрат, холислик, бировнинг оғирини енгил қилиш, хуфёна яхшилик асосий турмуш тарзи бўлган. Шунинг учун бу тариқат аҳли мамлакатни иқтисодий ва маънавий тараққий этиши, ҳунармандчилик ва тижорат одобининг камолига катта хизмат қилган. Текинхўрлик, дангасалик, риёкорлик каби иллатларни йўқотиш ва нафсни тарбиялашда Баҳоуддин Нақшбанднинг хизматлари катта бўлган.

Баҳоуддин тасаввуфий таълимотида инсон камолоти масаласига эътибор бериб, "валий"лар масаласини махсус тадқиқ этди. Нақшбанд таълимотига оид муҳим манба – Салоҳиддин Ибн Муборак ал Бухорийнинг " Анис ат-толибин ва уддат-ус-соликин" асарининг биринчи қисми "Дар маърифати валояти валий" ("Валийлик валояти маърифатига доир") да таъкидланишича, "валоят нурдан иборатдир". Бу нур Тангри инояти ила ибоднинг қалбини тўлдиради ва натижада исломнинг ҳақиқий нури яқинида жамол кўрсатади. Асарда таъкидланмоқдаки, валоят даражасига етишда Тангрининг инояти шарт. Илоҳий нур – нур-ал-яқин – аниқ, тўғри нур бўлгани ила бошқа нурлардан фарқ қилади, шу нур ила тўлган қалб – валий қалби бўлади. Унга Ислом ўзининг ҳақиқий кўринишида намоён бўлади. Манбалар таҳлили кўрсатадики, кўп назарий масалаларда етишда Баҳоуддин Нақшбанд Хожа Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий асарларидан ғоявий манба сифатида фойдаланган. Валийликка дахлдор масалаларда ҳам бу аллома асарларидан иқтибослар келтирилган.

Нақшбандия таълимотига кўра, валийни кўрган киши Тангрини зикр этади, ўзи ва жумлаи оламни яратган бу мутлақ зотга қараб ҳайратга тушади, "Валий қалби маъдани анвори жалолдир. Валий юзидаги нур ва латофат валий қалбидаги ана шу анвордандир. Ул нурнинг акси валийнинг сиймосидан зоҳир бўлур ва ҳар ким унинг юзига назар айласа, ул киши Ҳаққ таолони ёд этар ва унинг зикрига машғул ўлур". Шунингдек, бу таълимотда валийлар суҳбатига мушарраф бўлган шахс ўзидаги башарий истаклардан воз кечиб, малакий даражали сифатларга эга бўлиши ҳам иншо этилган. Валий суҳбатига мушарраф шахс ўзидаги гил – тупроқ ва сувдан тузилган тана истакларидан воз кечади ва юксалади, деган фикрни изоҳлашда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Ҳазрат Азизоннинг қуйидаги рубоийсини такрор-такрор иқтибос келтиради:

Бо ҳар ки нашастию нашуд жамъ дилат,

Аз ту нарамид заҳмати обу гилат.

Зинҳор аз он қавм гурезон мебош,

Варна накунад руҳи Азизон биҳилат.

Мазмуни:

Суҳбатдошинг ила қалбинг ножам,

Йўқолмади сендан сув - гил заҳмати ҳам.

Демак, ундайлардан узоқлашмасанг,

Азизон руҳи кечирмас ҳеч ҳам.

Ҳазрати Азизоннинг фикрича, ҳақиқий валий суҳбатига етишган шахс қалби сокин, соф, пок бўлиб, сув – гил заҳматидан қутулиб юксалади ва тавҳидни англай боради, лекин сохта авлиёлар билан суҳбатлашиб, сенда башарий истаклардан қутулиш каби сифатий ўзгариш бўлмаса, ундай кишилардан тезроқ қочиш керак, деган фикрни уқтиради.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ўз таълимотида валийликнинг учта хусусияти бор деб, қуйидаги фикрни баён қилади:

Се нишон бувад валиро, ки нахуст он бамаъни,

Ки чу рўи ў бубини, дили ту бар ў гарояд.

Дуввум он, ки дар мажолис, чун сухан кунад зи маъни,

Ҳаммаро зи ҳастии худ б-ҳадис мерабояд.

Севвум, он буват б-маъни вали ахаси олам,

Ки зи ҳеч узв ўро ҳаракоти бад наояд.

Мазмуни:

Валийликнинг уч белгиси бор, биринчиси у бамаънидир,

Унинг юзини кўрган заҳотинг дилингни ром этади.

Иккинчиси, агар мажлисда у маъно ҳақида сўз айтса,

Бутун борлиғи ила ҳаммани сўзига мафтун этади.

Учинчиси, валий маъно жиҳатидан оламдаги махсус кишидир,

Унинг бирор узвидан ҳам ёмонлик келмайди.

Нақшбандия таълимотига кўра валийлик даражасига етганлар иккига бўлинади. Биринчиси – муршид раҳбарлигида риёзат чекиб, қалбини софлаган ҳолда шу даражага етганлар. Лекин булар учун ўз башарий истакларини ўлдириш жуда қийин кечади. Иккинчиси – Тангрининг ўзи уларни тарбия қиладиган кишилар. "Анис ут-толибин" асарида бундай валийлар мажзуб – жазб қилинган, яъни Ҳаққ майдонига тортилган маъносида таърифланган. Валийларнинг бу турида илҳом тариқи ила қалб ва тилларидан каломи ҳикмат иншо этилиши таъкидланади. Яъни Тангрининг нури уларнинг қалбига илҳом ила кирган ва улар бу илоҳий нур орқали шундай сифатга эга бўлган зотлардир. Ҳозирги илмий тил билан айтганимизда, валийларнинг бу даражасида латиф қувват – биоэнергия майдони бемалол олам қувват – ахбор қатлами билан алоқа қилишга қодир бўлади. Шунинг учун ҳам улар ўзгалардан ажралиб турадилар.

Баҳоуддин Нақшбанднинг валийликка оид тасаввуфий таълимотида "бесифатлик" ва "бенишонлик" деган тушунча мавжуд. Ҳазрат хожа айтардики, "Авлиёлар пешвоси Хожа Мухаммад Али Ҳаким Термизийнинг руҳониятига таважжуҳ қилсам, бунинг таъсири тўлиқ бесифатлик тарзида зуҳур қиларди. Бу таважжуҳда қанча сайр қилсам ҳам, ҳеч қандай таъсир ва сифат аён бўлмас эди."

Баҳоуддин Нақшбанд бу ҳолатни руҳониятда бўлишини кўрсатади ва айтади: "Руҳоният вужуди ҳақиқатнинг чегарасиз нурлари ичида маҳв бўлгач, одам қанчалик ўзидан мавжудлик қидирмасин ва идрок сармоясини ўзидан изламасин, бесифатлик ва бениҳояликдан ўзга нарсани кўрмайди". Бу таърифда бесифатлик, бениҳоялик тушунчаси билан айнан бир хилдек, деб кўрсатилмокда.

Бениҳоялик чексизлик, чегарасизлик бўлиб, илоҳийликка хосдир. Бесифатликда миқдорий ва меъёрий боғланишлар йўқ бўлади. Баҳоуддин валиёларни сифатий белгиларига қараб учга бўлади:

1.Бесифату бенишон.

2.Сифат билан.

3.Сифатдан нишона топган.

Учинчисини:

а) маърифат аҳли

б) муомала аҳли

в) муҳаббат аҳли

г) тавҳид аҳлига бўлади.

1. Бесифат ва бенишон валийни авлиё ҳолининг мукаммаллиги ва даражасининг ниҳояга етганлиги, деб айтади. "Бесифатлик Аллохдан юз берувчи к а ш ф ҳолатига ишоратдирки, бу жуда олий мақом ва жуда азиз даражадир. Бу ибора ва ишора мазкур мартабанинг асл моҳияти ва ҳақиқатини англатишдан ожиздир", дейди. Яна у: "Сулукнинг ибтидосида бўлганлар бесифатлик ҳолатини тушунмайди", дейди. Буни ўрта мақомдагилар англашлари учун айтилган.

Манбада бесифатликни изоҳлаш учун қуйидаги назмий иборалар келтирилади:

Бартар аз илм аст, берун аз аён,

Зоташ андар ҳастии худ бе нишон.

З-ў нишон жуз бенишони кас наёфт,

Чорае жуз жонфишони кас наёфт.

Гар аён жўи ниҳон он гаҳ бувад,

В-ар ниҳон жўи аён он гаҳ бувад.

В-ар баҳам жўи чу бечун аст ў,

Он замон аз ҳар ду берун аст ў.

Сад хазорон тавр аз жон бартар аст,

Ҳар чи хоҳам гуфт ў з-он бартар аст.

Ажз аз он ҳамроҳ шуд бо маърифат,

К-ў на дар шарҳ ояду на дар сифат.

Мазмуни:

У илмдан юқори ва англашдан узоқ,

Унинг зоти ўз борлиғи ичида бенишондир.

Ундан нишон қидирганлар бенишонликдан ўзга нарсани топмади,

Унга жон фидо қилишдан ўзга чора топмади.

Агар уни аёнликда қидирсанг, ниҳон бўлади.

Агар уни ниҳонликда қидирсанг, аён бўлади.

Агар икковидан қидирсанг, қидирки у ҳеч нарсага ўхшамайди,

Қидирган пайтингда у бу икки ҳолдан ташқари бўлади.

Жонимиздан у юз минг марта олийроқдир,

Нима деб айтсам ҳам, у айтганларимдан юксак¬роқдир.

Уни на шарҳлаб бўлади-ю, ва на сифатлаб,

Шу сабабли ожизлик билимимизга ҳамроҳ бўлади.

Бу мисралар "бесифатлик"ни илмдан юқори ва англашдан узоқ деб ақлнинг уни билишга ожизлигини кўрсатади. Бесифатлик аёнлик ва ниҳонликдан ҳам юксак, ҳеч нарсага ўхшамаслиги ва бизнинг сўз ва ибораларимиздан ҳам юксакликда туриши намоён бўлади. Уни шарҳлаб ва сифатлаб беришга билимимиз ожизлик қилади.

Баҳоуддин бесифатлик мартабасининг камоли Муҳаммад пайғамбарга насиб этган, деб кўрсатади. Бошқа набий ва валийлар ўз мартабаларига мувофиқ Муҳаммад пайғамбарнинг саодат хирмонидан бошоқ терадилар. Улар Оллоҳнинг расули муқаддас ботинидан мадад олиб, бесифатлик мартабасининг даражалари узра тараққий топадилар. Муҳаммад пайғамбарга хос бўлган "Мақоми маҳмуд" бу зотдаги шу мартабанинг камолига ишоратдир.

Баҳоуддин "бесифатлик" мартабасининг хусусиятлари ҳақида ҳам гапирган. Унинг фикрича, бесифатлик мартабасининг соҳиби тамкин (виқор) аҳлидан бўлади, суҳбат туфайли қалби-муқаллиби қалб (қалбни ўзгартирувчи зот) суҳбатига туташган бўлади. У барча илоҳий сифатлар билан сифатланган ва раббоний хулқлар билан хулқланган бўлади. У ботиний ҳолларини ўз тасарруфи остига олган бўлади. Шунинг учун уни "абул вақт" - вақт отаси дейдилар. У ўз хоҳиши билан бир сифатдан иккинчи сифатга ўта олади. У башарий вужудининг фонийлигидан тамоман софланган бўлади. Шу маънода манбада қуйидаги назмий ибора келтирилган:

Сўфи ибн ул вақт бошад дар мисол,

Лек софи фориғ аст аз вақту ҳол.

Ҳоли мавқуф азми раъи ўст,

Баста бар раъи жаҳон орои ўст.

Мазмуни:

Сўфи бу оламда ибн ул-вақт "вақт ўғли" бўлади,

Лекин тўла покланган соф бўлгани вақт ва ҳолдан фориғдир.

Ҳол унинг азму раъйига боғлиқдир,

Унинг жаҳонга оро берувчи раъйига қарамдур.

Демак, сўфилар "вақт ўғли" бўлиб, бир нафасни ҳам беҳуда ўтказмай, нафаслар орасидаги онни ҳам нақд деб билсалар, бесифатлик ҳолига етган, тўла покланган мукаммал валий¬лар вақтни ўз тасарруфига олганлар. Улар вақтдан юқорида, ташқарида турган ва вақт отаси – “абдул вақт” бўладилар. Демак, бесифатлик руҳий камолотнинг энг мукаммал мақоми бўлиб, сифат, миқдор, меъёр, вақтдан юқорида бўлади. Буларнинг барчаси унинг тасарруфида бўлади. Бу ҳолатда башарий белгилар йўқолиб, руҳият тўла ғалаба қилган бўлади.

Хулоса қилиб айтиш лозимки, Баҳоуддин Нақшбанд яратган таълимот Шарқ халқлари инсонпарварлик дунёқарашининг шаклланишида катта яратувчи кучга эга. Баҳоуддин Нақшбанд табиат, барча тирик жонзоту ўсимликлар, ҳайвону инсонларга бирдек мутлақ эзгулик, меҳр-шафқат кўрсатишдек орифий талабни илк бор башарият ва коинот, борлиқнинг умумий ва бирдан-бир фундаментал тамойили даражасига кўтарган.

Умумий хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсон камолотининг меъёрдаги мақбул йўлларидан бўлган Нақшбандия таълимотини Баҳоуддин Нақшбанд асослаган. Инсоннинг ўзлигини англаш ва камолоти учун муҳим бўлган вақт, сон, қалб, нафс ва валий тушунчаси ҳақидаги илмларни назарий жиҳатдан асослаб, амалиётда жорий этган ва ўзи комили мукаммал инсон сифатида ибрат тимсоли бўлди.

Баҳоуддин Нақшбанд асослаган таълимотни унинг шогирдлари Алоуддин Аттор, Муҳаммад Порсо, Алоуддин Ғиждувоний, Яъқуби Чархий ривожлантирдилар. Хожа Аҳрори Валий уни жаҳоншумул таълимотга айлантирди. Маҳдуми Аъзам нақшбандия таълимотини назарий жиҳатдан бойитиб янада такомиллаштирди. Бу таълимот нақшбандия-мужаддидия, нақшбандия-холидия кўринишида ҳозирги кунда ҳам Осиё, Европа ва Америка қитъаларида кенг тарқалган. Баҳоуддин Нақшбанд асослаган нақшбандия тариқати ва таълимоти бутун инсоният камолоти ва манфаати билан уйғун бўлганлиги сабабли жаҳоншумул ҳаётбахш таълимот сифатида яшаб келмоқда.

Mukammal.uz - Copyright 2021.