“Марказий Осиё фалсафий тафаккур тараққиётида тасаввуф таълимотининг ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги республика анжумани

Бухоро муҳандислик – технология институти “Ижтимоий фанлар” кафедрасида

“МАРКАЗИЙ ОСИЁ ФАЛСАФИЙ ТАФАККУР ТАРАҚҚИЁТИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ” МАВЗУИДАГИ РЕСПУБЛИКА АНЖУМАНИ

Бугунги кунда юртимизда маънавий қадриятлар юксалишида ўзига хос ўрин тутган тасаввуф таълимотининг шаклланиш жараёни, тарихий ўрнини кўрсатиб бериш, тасаввуфий манбаларни холисона тадқиқ этиш ҳамда унинг инсонпарварлик ғоялари билан уйғунлашиши ёш авлодни комил инсон бўлиб етишишида катта аҳамиятга эгалиги ушбу соҳани кенг кўламда ўрганишни тақозо этмоқда. Зеро, бугунги кунда мамлакатимиз олдида илм-фан, рақамли иқтисодиёт, инновацион ғоя ва ёндашувлар асосида тараққиётга эришиш, таълимни ривожлантириш, илмий ва ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш, жамиятда олимлар, зиёлилар мавқеини кўтариш, янги авлод кадрларини билимли ва шижоатли, ватанпарвар қилиб тарбиялаш каби муҳим ишлар турибди.

Тасаввуф – узоқ асрлар давомида халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиб келган диний ва дунёвий қарашлар уйғунлигидан иборат таълимотдир. Тарихимизда халқимизни таркидунёчиликка эмас, балки ижтимоий фаол ҳаёт тарзига даъват этган ғоялар ва қарашлар тараннум этилган нодир асарларни илмий тадқиқ этиш ва юзага чиқариш шарқшунос-исломшунослар олдида турган муҳим вазифалардан бири хисобланади.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида илгари сурилган устивор вазифалар ва тавсиялардан, “2020 йилда Бухоро шаҳри “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши, ҳамда Бухоро вилоят ҳокимининг 2018 йил 16 майдаги 147-ф-сон фармойиши билан “2020 йилда Бухоро шаҳрининг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан вилоятда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси”дан келиб чиққан ҳолда “Ижтимоий фанлар” кафедраси ва ўзаро ҳамкорлик доирасида бажарилаётган ишларни амалиёт билан интеграциялаш мақсадида 2022 йилнинг 25 мартда “Марказий Осиё фалсафий тафаккур тараққиётида тасаввуф таълимотининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида республика миқёсидаги илмий–назарий анжуман ўтказди. Анжуманда Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасаларидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Андижон давлат университети, Фарғона давлат университети, Самарқанд чет тиллар университети ҳамда Бухоро вилоятининг барча олий таълим муассасалари профессор – ўқитувчилари иштирок этди.

Анжуманни Бухоро муҳандислик-технология институти ректори профессори Н.Р.Баракаев очиб бериб, тасаввуф ислом илмлари орасида катта аҳамиятга эгалиги, унинг моҳиятида фалсафа, дин, шариат ҳамда одоб-ахлоқ каби тушунчалар жамулжам бўлганини кўришимиз, инсоннинг руҳий-ахлоқий покланиши ва илоҳий муҳаббатдан қувват олиб юксалиб бориши бу таълимотнинг асосий ғояларидан бири эканлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида профессор Г.Н.Наврўзова “Нақшбандия тариқатларининг зубда ва хулосаси” мавзуида, Бухоро давлат университети доценти, ф.ф.н. О.Т.Шарипова “Хожагон тариқатида дискурсив ва интуитив билиш диалектикаси” мавзуида, Бухоро давлат университети доценти, с.ф.н. А.О.Болтаев “Ибн Арабий ғояларининг тасаввуф таълимотида тутган ўрни” мавзуида, Бухоро муҳандислик-технология институти Ижтимоий фанлар кафедраси мудири доцент Э.Х.Зойиров “Мавлоно Яъқубий Чархий-нақшбандия таълимотининг намоёндаси” мавзуида маърузалар қилдилар.

Шунингдек, тадбир давомида бухоро тиббиёт институти доценти М.Гулямова хам ўз маърузалари билан иштирок этиб, тасаввуф – ёмондан холи бўлиш, яхшидан ибрат олиш ила қурбат ва висолга эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш, ниятда Рабби ила боғлашдир, тасаввуф сулук тарзи бўлиб, унинг асоси нафс пок ва руҳ олий бўлиши учун содда ҳаёт ва фазилатлар ила зийнатланиб яшамоқлик хусусида тўхталдилар. Тадбирда институт иқтидорли талабалари хам иштирок этиб, 702-21 ТЖБ гуруҳи талабаси Асадбек Рахмонов хам ўз маърузаси билан иштирок этиб, Тасаввуф нафсни поклаш, гўзал хулққа эга бўлиш, қалбни фақат Аллоҳ таолонинг муҳаббатига йўналтириш ва шу мақомда туриш, шунингдек тасаввуфда бир нечта машҳур йўналишлар бўлиб, улар тариқат дейилиши, улар ўша тариқатга асос солган шайхнинг номи билан номланган, марказий Осиёда яссавия ва нақшбандия тариқати кенг ёйилганлиги тўғрисида гапирди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, тасаввуф дунёни билишни ва инсоннинг дунё ва коинот, замон ва макон, лаҳза ва абадият, ҳодиса ва моҳият ҳақидаги тушунчалари билан боғлиқ қарашларни ўзида акс эттиради. Шунинг учун ҳам тасаввуфни илм-маърифат тараққиётидан ташқарида тасаввур қилиб бўлмайди.

Бухоро муҳандислик – технология институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири фалсафа фанлари номзоди, доцент Э.Х.Зойиров

Манба: bmti.uz

Mukammal.uz - Copyright 2021.