Илмга бахшида умр

Бухоро ҳаётида аёллар ҳар доим, ҳар он ҳаётда муносиб ўрин эгаллаб келганлар. Бу азиз ва мўътабар хотин-қизларнинг моддий, маданий, маърифий ва маънавий ҳаётда фаол қатнашганликлари, табаррук Бухоро заминида ва буюк зотларнинг бешигини тебратганлари билан белгиланади.

Фарҳод Қосимов – тарих фанлари доктори, профессор. («Бухоро аёллари» З.Абдуллаева, Н.Қосимова, М.Атоева. Бухоро – 1997 йил 3-бет)

Қадимги шарқ маърифат ва маънавият ривожига аёллар беқиёс ўрин эгаллашган. Бухоро ҳукмдори бўлган Бухоронинг хотун – подшоси Тағшоданинг онаси, Аҳмад ибн Ҳафс (Имом Ҳожатбарор). Ал-Бухорий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов, Абдулло Орипов, Мутал Бурҳоновдек буюк зотларни жаҳонга берган табаррук оналар халқимиз қалбидан чуқур, тарихимиз саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаганлар. Ана шундай оналардан бири бўлган олима - аёл Гулчеҳра Наврўзова Неъматовна ҳақида суҳбатлашамиз. «Бухоро» нашриётида 1997 йилда чоп этилган «Бухоро аёллари» китобининг 50-бетида ҳам Г.Наврўзова ҳақида қисқача маълумот берилган.

Наврўзова Гулчеҳра Неъматовна 1952 йил 23 март куни Бухоро шаҳрида туғилган. У Бухоро шаҳар 10-сонли ўрта умумтаълим мактабини олтин медаль билан битирган (1969). Бухоро Давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро Давлат университети)нинг тарих-география факультетини имтиёзли диплом билан тугатган (1974).

Гулчеҳра Неъматовна меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳар 14-сон ўрта умумтаълим мактабида тарих ва география ўқитувчиси сифатида бошлаган (1974-1981). Кейинчалик ӯз фаолиятини Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтида давом эттирган. У мазкур институтда “Фалсафа” кафедраси ассистенти (1981-1984), “Фалсафа” кафедраси катта ўқитувчиси (1984-1991), “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти (1991-1994), институт катта илмий ходими (1994-1996), институт тарбиявий ишлар бӯйича проректори (1996-1997), институт маънавий-маърифий ишлар бўйича 1-проректор (1997-2002), “Фалсафа” кафедраси мудири (2001-2005), “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири (2005-2011) лавозимларида меҳнат қилган. 2011 йилдан буён “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори лавозимида ишлаб келмоқда.

Гулчеҳра Наврӯзова 1990 йил номзодлик диссертациясиниФалсафа фанлари доктори, профессор М.А.Ахмедова раҳбарлигида рус тилида «Особенности преодоления родоплеменных отношений в условиях перехода к социализму минуя капитализм» мавзусида ҳимоя қилган ва фалсафа фанлари номзоди илмий даражасини, 1997 йилда доцентлик илмий унвонини, 2003 йилда “Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ва фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олган. Устозлари М.Н.Болтаев.

Илмий изланишлари давомида Нақшбандия тариқати асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг “Аврод” номли асари борлиги ҳақидаги маълумотни аниқлаб, унинг қӯлёзма нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиб таржима қилган ҳамда шарҳлаган ва 2000 йилда чоп эттирган.

Унинг 2005 йилда “Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси”, 2007 йилда “Нақшбандия – камолот йўли” ҳамда 2021 йилда “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси” монографиялари Ӯзбекистон фанлар академияси ҳузуридаги «Фан» нашриётида чоп этилган. 2009 йилда “Баҳоуддин Нақшбанд” монографияси «Фалсафа ва ҳуқуқ» нашриётида, 2020 йилда “Абдулхолиқ Ғиждувоний” монографияси “Имом Бухорий халқаро маркази” нашриётида чоп этилган. Шунингдек 2006 йилда Э.Зоиров, Г.Юнусова ҳам муаллифлигида “Тасаввуфда инсон ва унинг камолоти масаласи” ҳамда 2010 йил Х.Рахматова ҳам муаллифлигида “Нақшбандия тушунчалари генезиси” монографиялари нашр этилган.

Гулчеҳра Наврўзова раҳбарлигида фалсафа тарихининг долзарб мавзуларида Г.С.Юнусова ва Х.Х.Рахматовалар номзодлик диссертациясини, Ф.Д.Музаффаров, З.И.Нарзиев, Д.А.Исаева, С.А.Муродов, Р.С.Раупова, М.Ф.Норова, Д.О.Ғафуровлар фалсафа докторлиги (PhD) ва Б.Б.Намозов доктор (DSc) илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилганлар.

Професор Гулчеҳра Наврўзова 100 дан ортиқ илмий мақола ва халқаро журнал ҳамда республика анжумани материаллари муаллифи. Гулчеҳра Неъматовна 2004 йил 28 январдан буён Халқаро Антик Дунё (Antique World) илмий академиясининг академиги ҳисобланади. Ҳозирда Бухоро муҳандислик-технология институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори.

Гулчеҳра Наврўзованинг “Баҳоуддин Нақшбанд (манбалар таҳлили)”, “Баҳоуддин Нақшбанд Аврод” асарлари ва “Бухорои шарифнинг етти пири”, “Ориф Ревгарий”, “Маҳмуд Анжир Фағнавий” рисолалари чоп этилган.

Наврўзова Гулчеҳра – фалсафа фанлари доктори, профессор, “Меҳнат фахрийси” I даражали кўкрак нишони соҳиби, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси И.А.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги фалсафа фанлари доктори (номзоди) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациялар ҳимояси бўйича ихтисослашган кенгаши, Тошкент Ислом академияси ва Самарқанд Давлат Университети фалсафа йўналиши бўйича докторлик ҳимояси ихтисослашган Илмий Кенгашлари аъзоси, Бухоро Давлат Университети ихтисослашган Илмий Кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

Оилали, 2 та ўғил, келинлари ва 6 нафар неваралари билан аҳил яшайдилар.

Устоз отангдек улуғ. Устозлардан бирининг шогирд ҳақидаги фикрлари: Зумрад Қодировна-Гулчеҳрахон фаол ўқувчиларимдан бири эди. Тарих ўқитувчиси С.Зокированинг йўқликларини билдирмасди. Тарих фанидан синфдошларига ва ўзидан пастки синф ўқувчиларига ҳам дарс берарди. Барча ўқувчилар шовқинсиз уни тинглар эдилар. Барча Мактаб жамоаси ҳайрон қолардик. Оналари Фотима аяни мен жуда ҳам ҳурмат қиламан. Дарсларимизга кириб ўтирар эдилар. Мактабда ўтказиладиган тадбирлардақатнашар эдилар. (Алооҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин.) Мен комил инсон, профессор, академик даражасига кўтарилган ўқувчим билан фахрланаман.

Шогирдлардан бирининг устоз ҳақидаги фикрлари: М.А.Раҳмонова, Бух. МТИ «Ижтимоий фанлар» кафедраси катта ўқитувчиси.

Олим-маърифатин ҳайкали бўлур

Олим ҳар китобининг зарҳали бўлур.

Донолик таърифин қанча ёзсам оз.

Олим камтарликнинг сайқали бўлур.

2000 йилнинг август ойлари. Ўшанда мен Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат институтининг «Фалсафа» кафедраси ассистенти сифатида ишга қабул қилиниш арафасида эдим. Ўша куни мен, аввалдан ғойибона танийдиган, жуда ҳурмат қиладиган инсон – фалсафа фанлари доктори, профессор (ўша пайтларда ф.ф.н.) Наврўзова Гулчеҳра Негматовнани кўриш у кишининг пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлган эдим. Домла ўша пайтларда номи юқорида зикр қилинган олийгоҳнинг маънавий - маърифий ишлар бўйича проректори эдилар. Устозни илгаридан ғойибона танишимнинг боиси шунда эдики, ота-онам зиёли инсонлар (БДУ ўқитувчилари) бўлишгани боис, уйимизда устознинг номлари бот-бот эҳтиром ила тилга олинар эди. 2000 йилдан буён Гулчеҳра Неъматовна билан бирга ишлаб, яқиндан мулоқотда бўлдик. Илмий конференцияларда, йиғилишларда турли адабий - маърифий тадбирларда, Вилоят «Маънавият ўқуви кунлари»да, тўй-хашамларда бирга иштирок этдик. Айниқса, илмий ишимга раҳбарлик қилишга рози бўлганларидан кейин, устоз билан ҳар бир мулоқот, ҳар бир суҳбатдан ўзим учун маънавий озуқа олиб, мен у кишининг олдин ўзим билмаган, сезмаган қандайдир янгидан - янги фазилатларини кашф қилгандек бўлардим.

Етмиш йиллик юбилей арафасида Бухорода шогирдлари Эркин Зокиров ва Гуландом Юнусова томонидан «Тасаввуф» ва «Нақшбандия таълимоти» мавзуларида онлайн конференция ташкил этилди. Бу конфиренцияша пойтахтимиз Тошкент ва Самарқанддан олимлар келдилар. Конфиренция ҳақида «Бухоро» канали орқали «Диёр» ахборот дастури орқали 29 мартда маълумот берилди. Тўла маълумот эса «Замондош» кўрсатуви орқали 31 март 8:30да ва 1 апрель соат 10:00да такрорий кўрсатилди. (Кўрсатувни журналист Мақсуда Жумаева тайёрлаганлар). Бугунги кунларда ўзининг 70 ёшини қаршилаган фалсафа фанлари доктори, профессор, академик Гулчеҳра Нарўзова Неъматовнага мустаҳкам соғлик ва саломатлик, усто-шогирд анъанасини давом эттиришларига муваффақиятлар тилаб қоламиз. Эзгу амалларини Аллоҳнинг ўзи қўлласин.

Тайёрладилар: Н.Негматова O‘ZLIDEP аъзоси.

Ҳасан Ибрагимов. Телекўрсатувни тайёрлаган

журналист Жумаева Мақсудахон.

Бухорои Шариф газетаси 16 (1508)-сон 06.04.2022 й. 2

Mukammal.uz - Copyright 2021.